Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан ҳар йили ўтказиладиган “Миллий ахборот-кутубхона хафталиги”да (INFOLIB) “Ўзархив” агентлиги тизимидаги архив муассасалари, жумладан Ўзбекистон Республикаси Илмий-техникавий ва тиббиёт ҳужжатлари Марказий давлат архиви мутахасислари мунтазам иштирок этиб келади. Ушбу хафталик анъанавий тарзда бу йил ҳам ташкил этилди. Ҳафта давомида фаолият олиб бораётган VII “Миллий ахборот-кутубхона хафталиги”да бир қатор ташкилий-амалий тадбирлар ўтказилмоқда. Бугун хафталик доирасида ўтказилиши режалаштирилган “Моддий-маданий мерос объектларининг ўзаро интеграцияси” номли давра сухбати ўз ишини бошлади. Ушбу тадбирда “Ўзархив” агентлиги мутахасислари, Марказий давлат архивлари ва Ўзбекистон Республикаси Илмий-техникавий ва тиббиёт ҳужжатлари Марказий давлат архиви тегишли бўлим мудири ва мутахасислари иштирок этмоқдалар. Давра сухбатида “Ўзархив” агентлиги Бош директор ўринбосари Д.Л.Кучарова “Моддий-маданий мерос объектларининг ўзаро интеграцияси – архив, кутубхона ва музейлар мисолида” номли қизиқарли маърузаси билан иштирок этди. Маъруза давомида Агентлик Бош директор ўринбосари томонидан бугунги кунда “Ўзархив” агентлиги тизимидаги архив муассасаларида сақланаётган баъзи қимматли ҳужжатлар тўғрисида, шунингдек тарихни холисона ёритишда хизмат қилувчи моддий ва маънавий меросни тадқиқ қилиш мақсадида интеграллашув натижасида келгусида бошқа соҳалар жумладан туризмнинг ривожи хусусида ўз мулоҳазаларини билдирди. Маъруза давомида Д.Л.Кучарова томонидан республикамизда ҳам архивлар, музейлар ва кутубхоналар ҳамкорлигини таъминлайдиган бирлаштирилган тузилма ташкил этиш таклифи берилди.