Аввал хабар қилинганидек Ўзбекистон Республикаси Илмий-техникавий ва тиббиёт ҳужжатлари Марказий давлат архиви "Ҳужжатлардан фойдаланиш ва илмий ахборот аппарати" бўлимининг йил давомида устувор вазифаларидан бири архивда илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш этиб белгиланган. Архивда мазкур йўналишни ривожлантириш мақсадида илмий ходимлар томонидан архивда сақланаётган ҳужжатларидан фойдаланиб йил давомида турли илмий мақола ва фаолият юзасидан услубий кўрсатмалар ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Шу кунгача архивдаги мавжуд қимматли ҳужжатлардан ва шахсий фонд эгалари ҳужжатларидан фойдаланган ҳолда бир нечта илмий ва оммабоп мақолалар чоп этилди. Ушбу мақолаларни муштарийларга етказишда пойтахтимизда фаолият олиб бораётган даврий нашрлар ва журналлар кўмак бериб келмоқдалар. Жорий йилнинг 25 июн куни “Тошкент оқшоми” газетасининг 117-сонида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тиббиёт ходими травматолог-ортопед Маннонов Самиг Манноновичнинг шахсий фондидаги илмий мақолалар асосида тайёрланган “Фарзандингиз хушқомат бўлсин” номли мақола чоп этилди.